Жорий йилнинг 30 май куни “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3755-сонли Президент Қарори қабул қилинди. Ҳужжатда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари тизимида кадрларнинг касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашиш кўзда тутилган. Мазкур Қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг ҳар уч йилда перспектив бошқарув кадрларини саралаш бўйича “Тараққиёт” танловини ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Танлов натижалари бўйича давлат ва xўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятларнинг ва бошқа ташкилотларнинг юқори малакали кадрлари аниқланиб, рағбатлантирилади. Танловда таянч олий маълумотга ва тегишли соҳада раҳбарлик лавозимида камида уч йил иш тажрибасига эга, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган (45 ёш ҳам қўшилган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин.

Танлов ғолибларига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичининг қолган иштирокчиларига эса — энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади. Бунда финал босқичининг қолган иштирокчилари тегишли соҳанинг бошқарув кадрлари захирасига киритилади.

Давлат ташкилотларида меҳнат қилаётган иштирокчиларнинг танловда иштирок этиш даврида уларнинг эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.
Танлов ғолиблари ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида танловнинг тегишли номинациялари юзасидан стажировка ўташни ўз ичига оладиган «Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури»га мувофиқ уч ойлик курсларда ўқийди. Сўнг тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланади.

Танлов тўрт босқичда ўтказилади:

  • ташкилий босқич (1-босқич);
  • онлайн танлов (2-босқич);
  • 1-босқичдан ўтиш (3-босқич);
  • финал (4-босқич).